Мустақиллик туфайли асрий орзуларимиз ушалиб, ўзлигимиз қайта тикланди, ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, онгу шууримиз тубдан ўзгариб, миллий манфаатларимиз, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб яшаш ва меҳнат қилишга ундаб келмоқда.

Буни биз биргина мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида узоқни кўзлаб эркин ва фаровон давлат қуриш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини янада юксалтиришга қаратилганлиги билан яққол кўришимиз мумкин.  

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур.

Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастуридан ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин эгаллаши табиийдир.

Бу борада фарзандларимиз учун зарур шароитлар яратиш, янги-янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш бўйича бошлаган ишларимизни янги, юксак босқичга кўтарамиз.” – дея таъкидладилар.

Бундан ташқари шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, мамлакатимизда  қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва қонуности ҳужжатларнинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолимизнинг қонунларимиздан хабардорлигини таъминлаш  ўз навбатида ҳар бир инсон онгида унга бўлган ҳурмат ҳиссини уйғотади.

Бундан биз  Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.

Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас. Бунинг оқибатида охирги уч йилда давлат органларининг 157 та қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган.

Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин?

Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли – қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир.

Қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида битта-иккита мақола ёки кўрсатув билан чекланиш мумкин эмас. Қабул қилинган қонунларни атрофлича муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг уларга муносабатини ифода этадиган таҳлилий материаллар, кўрсатув ва эшиттиришлар, афсуски, жуда кам.
Янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш керак.”
– деб таъкидлаганлари бежиз эмаслигини англашимиз мумкин.

Бундан хулоса қилган ҳолда айтишимиз мумкинки, жойларда қолаверса, оммавий ахборот воситалари орқали тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг мазмун ва моҳиятини кенг оммага етказилиши ўз навбатида халқимиз томонидан  катта мамнуният ҳамда миннатдорлик билан кутиб олиш билан бир қаторда, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланаман, шу соҳа вакили бўлиб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ҳар бир инсон қалбида ғурур ва ифтихор пайдо бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Чунки Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ҳамда унинг дахлсизлиги кафолатининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритишлари учун барча зарур шарт-шароитни яратиш, умуман олганда, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида қабул қилинган бўлиб,  мазкур ҳужжат соҳа тараққиётига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида Фармон ижросини таъминлаш натижасида юртимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, рўёбга чиқарилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида кун сайин тадбиркорларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиб бориш баробарида аҳоли фаровонлиги изчил таъминланаётганлигини яққол кўришимиз мумкин.

Хулоса ўрнида шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур  Фармон айни пайтда мамлакатимиз тадбиркорларининг янада равнақ топишида ҳамда юртимиз тараққиётининг ривожланишида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

 

iqtidor.uz веб-сайти таҳририяти томонидан тайёрланди