Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиб келинмоқда. ш ғояси ўз ифодасини топган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий нормаларида халқнинг, хусусан бугунги ва эртанги авлод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ифодаланганлигини кўришимиз мумкин. Давлатимиз ўз ёшларининг келажаги учун масъулликни зиммасига олган ҳолда, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда ёшларимизнинг эртанги кун учун муносиб ворислик масаласига жиддий  эътибор қаратиб келмоқда.

Шу билан бир қаторда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда Ўзбенкистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланадиган келажаги буюк давлат барпо этиш олий мақсад қилиб олинди.

Ўзбекистон Республикасининг иккинчи Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали  маросимдаги маърузасида “Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Конституциямизнинг лойиҳаси бўйича 1992 йил 8 декабрда, Олий Кенгашнинг тарихий сессиясида сўзлаган нутқида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эдилар:

“Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат, деб ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам Конституцияда туб бурилиш ясалган.

Яъни, Асосий қонунимизга “давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган модда киритилган.

Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади” .

Биринчи Президентимизнинг ана шу фикрлари у кишининг давлат, жамият ва инсон ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир масалага нақадар теран ёндашганидан, шу асосда Конституциямизда энг мураккаб саволларга ҳам жавоб топиш мумкин эканидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш учун барча асосларга эгамиз.” – деб ўз сўзини давом эттирар экан “Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур.”-дея қайд этиб ўтдилар.

 Шундан сўнг анъанага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг иккинчи Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев кириб келаётган 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишни таклиф этдилар ва барча тадбир иштирокчилари ушбу таклифни гулдурок қарсаклар остида мамнуният билан қабул қилишди.

Шу фурсатдан фойдаланиб “iqtidor.uz” ҳуқуқий, маданий, маънавий-маърифий Интернет веб-сайти ташкилотчилари Ўзбекистон Республикасининг иккинчи Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда Мамлакатимиз Президенти сифатида қадамлари қутлуғ ва баракали бўлишини ҳамда юртимизда ҳамиша тинчлик ва омонлик бўлишини чин дилдан тилаб қолади.