Ўзбекистон ўз истиқлолини қўлга киритиб, Президентимиз раҳнамолигида тараққиётнинг “ўзбек модели”ни белгилаб олгач, ҳар бир соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш энг долзарб вазифа қилиб белгилаб олинди. Шундан келиб чиқиб, истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади сифатида мамлакатимизда ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмини яратишга қаратилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим бўлади.

Буни биз Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларидан бири бўлган сайлов жараёнлари мисолида кўришимиз мумкин.

Чунки, Ўзбекистонда Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ваколати берилган бўлиб,  Марказий сайлов комиссияси доимий тарзда фаолият олиб борадиган ҳамда конституциявий мақомга эга мустақил орган ҳисобланади ва у ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади.

Марказий сайлов комиссияси конституциявий мақомга эга бўлиши давлат ҳокимияти бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувларисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишни таъминлашга хизмат қилади. Ваҳоланки, аксарият ривожланган демократик мамлакатлар конституцияларида ҳам сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли бўлган органлар ҳамда уларни ташкил қилиш тартиби ҳақида махсус қоидалар учрамайди. Марказий сайлов комиссиясига берилган ваколатларнинг ўзиёқ юртимизда сайловларни демократик, очиқ ва ошкора тарзда ўтказиш ҳамда унда қонунийликни ҳар томонлама таъминлашнинг кафолатлари мавжудлигини кўрсатади.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллиги сайловларни адолатли ташкил қилиш ва ўтказишнинг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади. Шу боис ҳам миллий қонунчилигимизда Марказий сайлов Комиссия ­фаолиятини давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, гуруҳлар, жамоат бирлашмаларининг ҳар қандай аралашувидан ҳимоя қиладиган қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу эса, сайловларнинг қонун доирасида адолатли ҳамда демократик тарзда ўтишини таъминлайди.

Мамлакатимизда фуқароларимизга яширин овоз бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини ҳар қандай давлат органи, мансабдор шахслар, шунингдек, жамоат бирлашмалари томонидан назорат этиш қонунга зид эканлиги белгилаб қўйилган.

Шу боис ҳам, кенг жамоатчилик, айниқса ёшларнинг миллий сайлов конунчилиги борасидаги ўзгаришлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид конун ҳужжатлари ва уларнинг мазмун-моҳияти буйича хукукий саводхонлигини ошириш, талабаларни сайлов жараёнларида фаол иштирок этишга йуналтирувчи фукаролик позициясини шакллантириш мақсадида 2016 йил 24 ноябр куни Самарқанд давлат университетининг магистр босқичи талабалари ўртасида “Президент сайлови – демократик янгиланиш ва ислоҳотлар кўзгуси” мавзусида тадбир ташкил этилиб, унда юридик фанлар номзоди, доцент Хайрулла Маматов Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари ўз аксини топган видеороликлар асосида маъруза қилар экан, бугунги кунда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ҳамда уларнинг аҳамияти, хорижий кузатувчилар томонидан билдирилаётган ижобий фикрлари ва шу каби бир қатор масалалар хусусида тўхталиб ўтди.

Xayrulla Mamatov ўз маърузасидан сўнг, талабалар томонидан берилган барча саволларга кенг қамровдаги тушунчалар орқали жавоб берди.

Тадбир сўнгида Самарқанд давлат университетининг манавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Алишер Эштоев Президент сайловига бағишлаб қилган мазмунли  маърузаси учун Хайрулла Маматовга ўзи ва раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда жойларда шу каби тадбирларни ўтказиб бориш ўз навбатида талаба-ёшларнинг ҳар томонлама ҳуқуқий ҳамда маънавий саводхонлигини оширишда ўз самарасини беради, деган умиддамиз.

 

Актамжон Тўраев

“iqtidor.uz” сайтининг

тарғибот-ташвиқот

гуруҳи раҳбари