2016 йил 12 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди.

ЎзА хабарига кўра, мажлисда келгуси йилнинг энг муҳим молиявий-иқтисодий ҳужжатлари бўлган – 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама қилинди ҳамда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган 2017 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози бўйича таклифлар муҳокама қилинди ва қўллаб-қувватланди. Уларда ялпи ички маҳсулотни, инвестициялар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш ҳажмларининг жадал ўсиш суръатларини ҳамда нархларнинг умумий даражаси ўсишини сақлаш ҳисобига макроиқтисодий барқарорликка эришиш назарда тутилган.

Мажлисда 2017 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришни, маҳаллий бюджетларнинг ва мақсадли бюджетдан ташқари фондларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашни, шунингдек, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини молиялаштиришнинг устуворлиги сақланишини назарда тутувчи таклифлар бирма-бир кўриб чиқилди.

Мажлисда 2017 йилги Давлат бюджети харажатларининг асосий параметрларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишлаб чиқилган Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий харажатларни молиялаштиришга қарийб 60 фоиз маблағлар ажратилиши ушбу лойиҳада юқори ижтимоий йўналтирилганлик сақланиб қолгани қайд этиб ўтилди. Келгуси йилда бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорларини янада ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базаси ва жиҳозланганлигини мустаҳкамлашга оид ишларни давом эттириш назарда тутилмоқда.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимликлари раҳбарлари олдига иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатини тизимли кўриб чиқиш ва мустаҳкамлаш, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўловлар бўйича ўз вақтида ҳисоб-китобларни таъминлаш вазифаси қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликларига янги корхоналарни ишга тушириш ва мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳисобига маҳаллий бюджет даромад қисмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Бандликни ошириш бўйича чора-тадбирларни фаол давом эттиришнинг муҳимлиги ва ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда республика Ҳукумати мажлисида 2017 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси параметрлари ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди.

Мажлисда, шунингдек, ёшларни, энг аввало, 2016/2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Республика Ҳукумати мажлисидаги муҳокамалар натижалари бўйича 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари маъқулланди ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун юборишга қарор қилинди.