
Агар сиз бизнес билан шуғулланишга қарор қилган бўлсангиз, бошланғич иш сифатида тез тайёр бўладиган емаклар билан савдо қилувчи кичик дўконча, бошқача қилиб айтганда фаст-фуд нуқтаси очиш ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўлади. Ушбу бизнес тури ҳалигача бошловчи тадбиркорлар учун қизиқарли бўлиб, бунинг учун катта маблағ талаб қилинмайди. Шунингдек, фойдани ҳам кўп кутишга тўғри келмайди.
Ҳаммаси ғоядан бошланади!
Маълумки бугунги тезкор ҳаёт ритми тез тайёр бўладиган емак турлари - барчага маълум хот-догдан тортиб, американча гамбургер ва хитойча лағмонга тайёрлайдиган унча катта бўлмаган савдо нуқталарига талаб туғдирди.
Агар сиз ўзингиз истиқомат қиладиган даҳадаги гавжум чорраҳа атрофида бўш ётган бирор хонани кўриб қолган бўлсангиз, бу жойда дадиллик билан хот-доглар, гамбургерлар ва кока-кола билан савдо қилувчи овқатланиш шахобчасини очишингиз мумкин. Биз билан суҳбатлашган бундай шахобчаларининг эгаларининг айтишича, бу бизнесда тажриба қилишдан қочмаслик керак – озми-кўпми вақт ўтгач айнан ушбу жойга тўғри келадиган оптимал вариант топилади ва ишингиз янада юришади. Бунинг учун атига бир-икки ой ишлаб кўришнинг ўзи кифоя.
Ишнинг молиявий томони
Кўринишидан осонгина туюлган “хот-дог бизнеси” ҳам аслида анчагина маблағ талаб қилади. Албатта, бу ерда ҳам кўп нарса сиз бошлаган ишнинг кўламига боғлиқ. Бизнесни бошлаш учун ўртача 3 сўмдан 10 млн. сўмгача бўлган миқдордаги маблағ талаб қилиниши мумкин.
Ишни бошлашдан олдин унча катта бўлмаган бизнес-режа тузиб чиқиш (албатта қоғозда!) ва ишга қанча пул кетиши, қачон фойда олишни бошлашни тахминан ҳисоблаб чиққач, лойиҳани амалга оширишга киришиш мумкин.
Экспертларнинг сўзларига кўра, ушбу тадбиркорлик турининг афзал томонларидан бири- уни аста секин, босқичма-босқич ривожлантириб бориш мумкинлигидир. Масалан, бошида сиз фақат хот-дог ва кока-кола сотиш билан шуғулланасиз, бунинг учун кўп билим ва маблағ талаб қилинмайди. Ишни бошлашда сизга сосиска ва сабзовотларни солишга зарур бўладиган мўъжазгина музлатгич, шунингдек, микротўлқинли печка керак бўлади. Агар иш юришиб, доимий мижозларингиз пайдо бўла бошласа, ассортиментни кенгайтириш, тайёрланиши қийинроқ бўлган емак турлари, айтайлик, гамбургерлар ёки шаурма тайёрлашга ўтиш мумкин бўлади.
Агар шахобча жойлашадиган хонани капитал таъмирлаш керак бўлмаса (ушбу бизнес турида таъмир харажатлари энг кўп маблағ талаб қилиши мумкинлигини назардан қочирманг!), бизнесни бошлаш учун иккидан беш милионгача маблағ зарур бўлади.
Соҳада тажрибага эга кишиларнинг сўзларига кўра, “хот-дог бизнесининг” рентабеллиги, шаҳобча жойлашган ернинг гавжумлигига боғлиқ ҳолда 20%дан 70%гача (ҳатто 100%) бўлиши мумкин (ўртача 50%). Агар иш яхши ривожланиб, доимий мижозлар орттира бошласангиз, бошланғич сармоянгизни икки ойда тўлиқ қайтариб олиб, яна икки ойдан кейин эса, соф фойда олишга ўтишингиз мумкин.
Кўп нарса, сиз ўз шахобчангизни қайдай шахобча сифатида ривожлантиришингизга боғлиқ. Энг яхшиси, қайсидир йўналишни танлаб (масалан, фақат хот-дог ёки шаурма тайёрлаб сотиш), уни омилкорлик билан ривожлантириш керак. Бу доимий мижозлар орттиришга имкон беради. Доимий мижозлар эса, ҳар қандай бизнеснинг асоси ҳисобланади.
Масалан, фақат бир неча хилдаги шаурма ва лаваш (туркча емак тури) тайёрлаш билан шуғулланадиган шахобчалар ҳам мавжуд. Тошкент шаҳрида анчадан буён фақат тез тайёрланадиган емаклар тарйёрлашга ихтисослашган шахобчалар тармоқлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг тажрибаси, ушбу бизнес турида ҳам тармоққа айланиш даражасигача ўсиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Амалиётнинг кўрсатича, кичик емакхона очиш лойиҳасини фақат шахсиз маблағингиз ҳисобига очиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда. Агар сизда бу маблағ бўлмаса, ота-онангиз, қариндош уруғларингиздан қарз олишга ёки ғоянгизни қўллаб-қувватлашга рози бўладиган ҳамкор топишга уриниб кўринг. Одатда, банклар бундай лойиҳаларга кредит ажратмайди.
Фаст-фуд шахобчасини очишда нималарга эътибор бериш керак?
Биринчи эътиборга олиш керак бўлган нарса – шахобча жойлашган ернинг қулай жойлашган бўлишидир. Одам қанча гавжум бўладиган жой бўлса – шунча яхши! Яқин 500 метр атрофида мактаб, ўқув муассалари, метро бекати, бозорча, йирик савдо марказлари ва бошқаларнинг бўлиши янаям яхши (бу рўйхатга йирик чорраҳалар, катта кўчалар, шоҳбекатлар, давлат ташкилотлари, ишхоналр тиғис жойлашган жойларни ҳам киритиш мумкин).
Ғоянгизни амалга оширишга киришишдан илгари ушбу соҳада амалий тажрибага эга бўлган кишилар билан маслаҳатлашиб олганингиз маъқул. Улар сизга бирқотор қимматли маслаҳатлар бериши мумкин. Чунки амалиёт назариядан анча фарқ қилади. Тез тайёр бўладиган овқатлар билан савдо қилувчи шаҳобча очишни мўлжаллаётган массивингиздаги бозорни мустақил ўрганиб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бундай шахобчалар борми, уларнинг сони қанча, улар нималар тайёрлашади, қўшимча нималар билан савдо қилади, ким сизга рақобатчи бўлиши мумкин ва ҳ.к. саволларга олдиндан жавоб бериб кўринг. Шунда- адашмайсиз. Шунингдек, мижозларни бошида нима билан жалб қилишни ҳам ўйлаб кўринг.
Юқорида таъкидлаганимиздек, тез тайёр бўладиган емаклар шахобчаларининг мижозлари рўйхати анча кенг. Унда талаба ўқиувчиларни, офис хизматчиларини, кўпчилик ҳайдовчилар, ўткинчи йўловчилар ва бошқаларни киритиш мумкин. Агар очилаётган шахобча яқинида юқорида саналган тоифалардан бири кўпчиликни ташкил қиладиган бўлса, айнан шу тоифа орасида талаб катта бўлган емак турларини тайёрлашга ихтисослашиб олган маъқул. Масалан, ўқув муассалари атрофида оддий хот-доглар ва гамбургерлар кока-кола билан биргаликда яхши сотилади. Ўқувчи ёшидан ўтганлар тоифасини эса, бошқа турдаги емаклар кўпроқ қизиқтиради.
Сотиладиган маҳсулотларнинг нархлари шахобчангизнинг мақомига мос бўлиши зарур. Лекин ҳар қандай ҳолда ҳам доимий мижозлар орттиргунга қадар шахобчадаги нархлар бозордаги ўртача нарлардан бир оз пастроқ бўлиши керак.
Экспертларнинг фикрига кўра, шавдо шахобчасининг минимал майдони 4 кв. мерт бўлиши керак. Ҳозирда шаффоф витриналарнинг урфда эканлигини ҳисобга олган ҳолда, шахобчангизга доимий равишда идеал даражада тозалик бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтиш керак. Агар савдо шахобчангиз сизга доимий ва яхшигина даромад келтиришини истасангиз, ювилмаган идиш-товоқ, ерда ётган салат қолдиқлари ва шунга ўхшаш нарсалар шахобчада мутлақо бўлмаслиги шарт!
Статстикага кўра, фаст-фуд маҳсулотларини ҳарид қилиш ҳақидаги қарорларнинг 50 фоиздан кўпроғи импульсив равишда қабул қилинади. Шу сабабли маҳсулотларингиз сифатини доимий равишда назорат қилиб боринг, агарда сиз тайёрлаган лаваш кимгадир ёқиб қолса, у буни эсдан чиқармайди ва кейинги сафар бу ерга яна бир мижозни бошлаб келади. Шундай қилиб, доимий мижозларга эга бўласиз.
Фаст-фуд шахобчасини юритишда кунига янги маҳсулотлар (гўшт, помидор-бодринг, кўкатлар ва ҳ.к.) ҳарид қилишга тўғри келишини айтиб ўтиш керак. Шунингдек, сув ва ичимликлар ҳаҳираларини ҳам вақти қақти билан тўлдириб туриш зарур бўлади.
Фаст-фуд шахобчаси ёнига стол-стул, шамсия қўйиш мақсадга мувофиқми? Биз суҳбатлашишга муваффақ бўлган соҳа мутахассисларининг айтишларига кўра, агар шахобчангиз одамлар кўп ўтадиган гавжум чорраҳада жойлашган бўлса, яхшиси, барлардаги каби тик туриб суяниб туриладиган стойкалар қилган маъқул. Бу – мижозлар оқимининг тез айланишига имкон беради, яъни улар шахобчада узоқ ушланиб қолмасдан, тезгина қорин тўйғазиб, еб-ичиб оладилар. Бундан ташқари, тик туриб тановвул қилган киши кўпроқ нарса ейя олиши ва одатда яна нимадир буюриши исботланган.
Лекин шаҳобчангиз одам кам бўладиган ерда жойлашган бўлса, мижозлар ўтириши учун стол-стуллар қўйиш мақсадга мувофиқ.
Нималарни текинга олса бўлади?
Бизга маслаҳат берган мутахассисларнинг сўзларига кўра, фаст-фуд емаклари нуқталари эгалари йирик салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларидан бирқатор кўмак олиш имкониятига эга (Cоcа-Cола, Нестле, Несcафе ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар). Одатда ушбу компаниялар, ўз маҳсулотларининг бозордаги сотилиш нуқталарини кўпайтириш ва реклама мақсадларида ичимликларни сақлаш учун музлатгичларни текинга ёки кредит ҳисобида беришади. Бундан ташқари, ушбу компаниялар фаст-фуд шахобчаларини безашда ҳам ёрдам беришлари мумкин.
Фаст-фуд бизнесига мавсум омили таъсир қиладими?
Ҳар қандай бизнесда бўлгани каби, ушбу бизнесда ҳам мавсумийлик омиллари билан ҳисоблашишга тўғри келади. Бу бизнесда энг яхши мавсум – баҳор ва куз фаслларига тўғри келади. Ёзда талаб бир оз пасаяди, лекин иккинчи томондан, салқин ичимликларга бўлган талаб кескиин ошади. Фақат шунинг ўзи ҳам сизга яхшигина фойда олиб келиши мумкин. Ва албатта, ёзда музқаймоқ билан савдо қилишни ташкиллаштиринг, бу ҳам сизга мижозлар келишини таъминлайди.
Битта гамбургер қанчага тушади?
Келинг, мавжуд маълумотлар ва экспертларимизнинг маслаҳатларига таянган ҳолда, битта гамбургернинг ўртача қийматини ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилиб кўрайлик. Юқорида таъкидлаганимиз каби, турли фаст-фуд емакларининг қиймати кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, буларга озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси (асосий ҳаражат тури), қўшимча маҳсулотларга кетадиган маблағлар, электр энергияси, иш ҳақи, ижара ҳақи, солиқлар ва ҳ.к. ҳаражатлар киради.
Демак, экспертларимизнинг айтишларига кўра, битта гамбургерга, унинг катта-кичиклигига қараб (кичик, ўрта, катта,), ўртача 60-100 гр. мол қиймаси сарфланади. Котлетга ўртача 80 гр. гўшт кетди, деб ҳисоблаймиз. Гўшт баҳоси ҳозир бозорда ўртача нархи қанча ва қанча сўмлик маҳсулот ишлатилади? Гамбургер ясашда ишлатиладиган юмалоқ кулчанинг нархи ўртача қанча сўмни ҳамда помидор-бодринг, соус (кетчуп), кўкат ҳаражатлари ҳам қанча сўмни ташкил қилади? Шундай қилиб, битта гамургер, тайёрлаш, ойлик маош ва солиқларсиз қанча сўмга айланаяпти? Бу ҳаражатларга неча сўм кетди, деб фараз қиласиз? Шунда жами ҳаражатлар неча сўмни ташкил қилади ва бугунги кунда битта гамбургернинг нархи шахобчаларда камида неча сўм туради? Демак, битта гамбургер ўртача неча сўм соф фойда келтираётган бўлиб чиқади? Рентабеллик эса, неча % ни ташкил қилди?
Экспертларнинг сўзларига қараганда, хот-доглар, тез тайёрланадиган емаклар орасида энг кўп фойда келтиради (бунда рентабеллик 70-100% ташкил қилади). Бунинг устига уларни тайёрлаш ҳам осон, ҳам кам ҳаражат талаб қилади. Шунигдек, сосискалар ҳам гўштга қараганда анча арзон.
Лавашнинг қиймати гамбургерникига қараганда анча юқори. Ўз навбатида, унинг сотилиш нархи ҳам бирмунча юқори. Соҳа мутахасислариинг сўзларига қараганда, лаваш тайёрлаб сотишда рентабеллик ўртача 70-100 фоизга тенг.
Шундай қилиб, фаст-фуд – тез тайёрланадиган емаклар бизнесида рентабеллик ўртача 50 фоизни ташкил қилади. Бу дужа яхши натижа бўлиб, кўпчилик бизнеслар рентабеллигидан, масалан, савдодаги рентабеллик даражасида анча юқори.
Сўнг сўз ўрнида
Экспертларнинг айтишларига қараганда, хот-дог, гамбургер, шаурма тайёрлаб сотиш ҳалигача фойдали бизнес турларидан бири ҳисобланади. Бундай емак турларига талаб ҳали қондирилгани йўқ. Ишни бошлаш учун унча катта маблағ зарур эмас, бошланишига гриль қурилмаси ва гўшт, салатларни сақлаш учун музлаткич бўлса кифоя. Лекин шахобчани тўлиқ ишга тушириш учун уни таъмир қилиш, жихозлаш керак бўлади, бунинг учун эса, энг камида бир-неча миллион сўм зарур. Бундан ташқари, ходимлар учун бир хилдаги форма, шахобча логотипи солинган ёрлиқ каби нарсаларни ҳам унутмаслик керак. Бу сизга қўшимча афзаллик бўлади.
Қайд этиш керакки, ҳатто унча катта бўлмаган шаҳобчани очишга ҳам, хужжатларни расмийлаштиришни ҳам ҳисобга олган ҳолда камида икки ҳафтадан, бир ойгача вақт кетишини ҳисобга олиш керак.
Агар сиз ҳеч кимга кераксиз бўлиб ётган қаровсиз хонани фойда келтирадиган емаклар шахобчасига айлантира олишингизга ишонсангиз, бугуноқ иш бошлашингиз мумкин. Маълумки, омад довюракларга кулиб боқади.
Юқоридаги шаҳобчаларни очиш учун ҳужжатлар ва жиҳозлар билан биргаликда қуйидаги ишлар амалга оширилганбўлиши лозим бўлади:
Юридик шахс яъни, МЧЖи рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳномаси, СЭС рухсатномаси, шахобчани таъмир қилиш ишлари, ижара ҳақи, электр токи ўтказиш ишлари, шахобчага газ ўтказиш ишлари, зараркунандаларга қарши ишлов бериш ишлари, гўшт маҳсулотлари учун музлатгич, ойнали музлатгич, микротўлқинли печка (2 дона), ичимликлар учун музлатгич, касса аппарати, шаурма тайёрлаш қурилмаси, витрина, ўт ўчириш баллони, инкассация ва ходимлар (2 киши) дан иборат бўлиши керак.