“IQTIDOR.UZ” кенг оммани, шунингдек, ёшларни  ҳуқуқий, маданий, маънавий юксалтириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқур­лаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либерал­лашти­ришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда” -деган эдилар.

Умуман олганда, қонунга итоат этиш ҳуқуқий маданиятнинг ўзаги ҳисобланади. Давлат аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширар экан, унинг қонунларга кўр-кўрона эмас, балки онгли равишда, ўз хоҳиш-истаги билан итоат қилиш мақсадини кўзлайди. Аҳолини, хусусан, ёшларнинг Қонунлар, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларининг маъно-мазмунини англаб етишлари бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Кенг аҳоли оммасига, хусусан, ёшларга амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий билим даражасини ошириш, шунингдек, "2015 йил ҳуқуқ билимдонлари" танлов ғолибларини аниқлаш ва уларни муносиб равишда тақдирлаш ҳамда иқтидорли ёшларни янада кўпайтириш, энг асосийси, аҳолининг мавжуд қонунларимиз бўйича хабардорлик даражасини оширишдан иборат.

Негаки, баркамол авлод эркин фуқаролик жамиятининг ҳал қилувчи кучи, негизидир. Шу сабабли мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама етук инсон этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунинг тасдиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури тўғрисида»ги Қарорини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилганлигини айтишимиз мумкин.

Ушбу дастурда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари­нинг ролини кучайтириш лозимлиги қайд этиб ўтилган бўлиб, бундан асосий мақсад  ахборот техналогиялари, шунингдек, интернет тизими ва унинг аҳамияти ҳақида ёшлар онгида тўғри тушунчалар ҳосил бўлишига эришишдан иборатдир.

Юқоридаги фикрларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки,  бугунги глобаллашув жараёнларида ёшларимиз интернет билан ҳамнафас тарзда улғайиб келаётганлиги ва уларни интернет тармоғидаги салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, кенг оммага ҳуқуқий билимни сингдириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бир қаторда фуқароларни қонунларга итоаткорлик руҳида тарбиялаш  ҳамда ҳар бир шахсда қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш, аҳолининг, шунингдек, ёшларнинг ишдан ва ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказишни таъминлаш мақсадида, интернет тизимида “iqtidor.uz” ҳуқуқий, маданий, маънавий-маърифий сайти ташкил этилган бўлиб, унда “Қомусимиз билимдонлари”, “Қонун билимдонлари” ҳамда “Йўл ҳаракати қоидалари билимдонлари” йўналишларида танловлар эълон қилинган эди.

2016 йил 27 апрель куни  Самарқанд шаҳрида “Ёшлар маркази” биносида “iqtidor.uz” сайти орқали эълон қилинган  “Қомусимиз билимдонлари”, “Қонун билимдонлари” ҳамда “Йўл ҳаракати қоидалари билимдонлари” кўрик-танлови  ғолибларини  тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тақдирлаш маросимини ўтказишдан асосий мақсад, аҳолимизнинг, шунингдек, ёшларимизнинг ҳуқуқий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва миллий қонунчилигимизга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, иқтидори юксак билимдонларни аниқлаш ва уларни муносиб равишда рағбатлантириш билан бир қаторда иқтидорли ёшларнинг сафини янада  кенгайтиришдан иборат.

Ғолибларни тақдирлаш маросими Мухтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ёшларимизга қарата айтган сўзлари акс этган  видеолавҳаларни намойиш этиш  билан бошланди. Юртбошимизнинг сўзи ниҳоясига етгач, ёшларимиз қалбида ватанга нисбатан фахр ва ғурур пайдо бўлиб, ёшларимиз Юртбошимизнинг сўзларига ўзларининг туйғуларини ўрнидан турган ҳолда олқишлаш билан жавоб қайтардилар.

Ушбу тадбирда танлов ғолибларига Самарқанд давлат университети ректори томонидан дипломлар, ушбу ғолибларни тақдирлаш маросимига ҳомийлик қилган корхона томонидан эса 30 (ўттиз) дан ортиқ ғолибларга Президентимиз Ислом Каримовнинг 19 жилддан иборат асарлар тўплами ўрин олган компак дисклар, уяли телефон алоқа воситалари (сотовые телефонлар), Микротўлқинли печь (Микроволновая печь), “Tefal” чой қайнатгичи, дазмол, ҳуқуқий саводхонликни оширишга оид тўпламлар  ва шу каби бошқа бир қатор қимматбаҳо эсталик совғалари берилди. Бундан ташқари ғолибларнинг барчасига келгуси танловда бепул иштирок этиш учун имтиёзлар ҳам берилди.

Мазкур ғолибларни тақдирлаш маросими Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси томонидан видео тасвирга олинди. Тақдирлаш маросимида Самарқанд вилоят адлия бошқармасидан, Самарқанд давлат университети раҳбариятидан, Самарқан шаҳридаги бир қатор олий таълим муассасаларидан, шунингдек, Самарқанд вилоят “Камолот” ЁИҲ дан вакиллар ҳамда  вилоятлар халқ таълими, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларидан  ўқитувчилар иштирок этишди.

Танлов иштирокчилари ва танлов ғолиблари эсталик учун суратларга тушишди ҳамда иқтидорли ёшларимиз келгусида бир-бирлари билан фикр алмашиш мақсадида  келишиб олишди.

Бундан ташқари танлов иштирокчилари ва ғолибларидан сўзга чиққанлар, ушбу танловни ташкил этган танлов ташкилотчилари ва ҳомийларига ўз миннатдорчиликларини билдирган ҳолда, ҳақиқатан ҳам ушбу танловлар аҳолининг, хусусан, ёшларнинг онгига қонунга нисбатан итоаткорлик руҳиятини сингдириш орқали ҳар томонлама маънавиятли баркамол авлодни тарбиялаш, жамиятнинг барқарор ривожланишига кўмаклашувчи ҳуқуқий билим ва малакага эга бўлишлари учун қонун манбаларидан етарлича хабардор бўлишларини таъминлаш баробарида улар онгига маънавий, ҳуқуқий ва ахлоқий қадриятларни сингдириш, аҳолининг, шунингдек, ёшларнинг ишдан ва ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтиш баробарида, келгусида танлов ташкилотчиларидан бошқа йўналишларда ҳам танловлар кутиб қолишларини айтишди. 

Ғолибларни тақдирлаш маросими жуда кўтаринки руҳда ўтди.