Бизга маълумки, Ўзбекистонда Конституцияни ўзгартириш бўйича халқ сайлови – референдум эса 30 апрелга белгиланди.  Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Шунингдек, 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгариш киритиляпти ва Конституция матни 65 фоизга янгиланмоқда. Янгиланаётган Конституция юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилади. Унда энг аввало “Инсон қадри учун” ғояси устувор йўналиш сифатида белгиланган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг олий мақсади этиб белгиланмоқда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг асосий, принципиал янгиликлари, аввало, Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилаётганида акс этади. Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти ҳамдир. Мамлакатимиз ташқи сиёсати давлатлар суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар бузилмаслиги, ҳудудий яхлитлик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади.

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба  узлуксиз  таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олаётганлиги, давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим, балки бошланғич  профессионал таълим олишни ҳам  бепул бўлишини кафолатлайди. Энг муҳим янгиликлардан бири бу – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши бўлди.

Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун имконият яратади. Охирги олти йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 210 тага, уларга қабул эса, 5 бараварга ортиб, талабалар сони 1 миллионга, олий таълим қамрови – 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Давлат грантлари сони ҳам 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди, шундан, магистратура учун – 5 баравар кўпайди.

Ушбу конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамланмоқда.

Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.

Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Хусусан, конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, Интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилмоқда.

Хулоса сифатида қайд этиш жоизки, янгиланаётган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ишончли кафолати бўлиб хизмат қилади.

СамИСИ доценти, юридик фанлар номзоди, iqtidor.uz сайтининг 
ҳуқуқий-тарғибот гуруҳи раҳбари Маматов Хайрулло Тешаевич