“iqtidor.uz” ҳуқуқий, маданий, маънавий - маърифий интернет веб-сайти
гуруҳи раҳбари, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти
Ижтимоий фанлар кафедраси доценти, юридик фанлар номзоди Х.Т.Маматов
Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, мамлакат ҳудудида адолат, эркинлик, тенгликни вужудга келтириш, биринчи навбатда фуқароларни зарур ахборотлар билан таъминлашни тақозо қилади.
Индустриал жамиятдан ахборот жамиятига ўтиш қатор телекоммуникацион, трансчегара ахборот тизими, турли кўриниш ва моделлардаги ахборот манбаларига йўл очилиши дунё тараққиётида шахснинг гармоник ривожланиши учун янги, ёрқин имкониятларни яратди.
Кейинги йилларда Республикамизда бу масаланинг ҳуқуқий тартибга солиниши борасида пайдо бўлган ўнлаб қонун ҳужжатлар масаланинг долзарблик доирасини янада кенгайтирмоқда. Таҳлил қилинаётган норматив материалнинг етарли эканлиги ва бу соҳада қонунчилик жараёнининг фаол давом этаётгани эса муҳим аҳамият касб этади.
Бинобарин, давлатимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир. Зеро, фуқароларнинг юқори ҳуқуқий маданиятга эга бўлишлари демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизим юксаклигининг ифодасидир.
Мамлакатда амалда бўлган ҳуқуқ тизими бўйича хабардорлик, қонун нормаларини ҳурмат қилиш ва унга қатъий риоя қилиш ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг, сиёсий ва ҳуқуқий институтлар самарали фаолият кўрсатишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Бу борада Президентимиз И.А.Каримов таькидлаганларидек: “Биринчидан, халқимиз Президент, Олий Мажлис, ҳукумат қандай фармон, қонун, қарор қабул қиляпти, бундан тўла хабардор бўлиши керак. Иккинчидан, айниқса инсон ҳуқуқига дахлдор ҳужжатларни ҳар бир одам юрагидан ўтказиши, бу қонунлар унинг ҳаётига қандай таъсир қилишини англаб етмоғи лозим. Учинчидан, тайёрланаётган қонунлардан аҳоли ҳам хабардор бўлиши, яъни уларнинг қандай ишланаётгани жамият назоратида туриши зарур”.
Демак, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва онгини юксалтириш, уларнинг жамиятдаги сиёсий фаоллигини ошириш кўп жиҳатдан уларнинг мамлакатда мавжуд қонунчиликни билишига, яъни ахборот билан таъминланганлик даражасига боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини кафолатлашнинг тамойиллари Конституциямизнинг 29-моддасида қуйидагича белгилаб қўйилган: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”.
Юқоридаги конституциявий тамойил асосида жамиятнинг зарур ахборотлардан хабардорлигини таьминлаш ва ахборотлаштиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ва дастурлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлар, “2002-2010 йилларда компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Дастури”, “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори, “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тартиби тўғрисида“ги, “Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан, Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисида“ги Низомлар шулар жумласидандир.
Бинобарин, бугунги кунда фуқароларни ахборот билан таьминлашга қаратилган юқоридаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги “ахборот асри” деб қаралаётган даврда тегишли маълумотлар ва ахборотларсиз жамият ҳаётининг бирор бир соҳасида самарали фаолият юритиш ёки ижобий натижаларга эришиш мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланмоқда.
Шу жиҳатдан олганда, фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини самарали таъминлаш борасида замон талабларига мос келадиган конституциявий-ҳуқуқий механизмни шакллантириш ва бу борада давлат фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда тегишли қонунчиликни такомиллаштириш масалалари илмий жиҳатдан ўрганилиши зарур бўлган долзарб масалалардан биридир.
Ахборот ҳар доим ҳам қатъий маънода қабул қилинмайдиган энг тортишувли объект ҳисобланади. Ахборотни тадқиқ қилишга қизиқиш ўтган асрнинг 90 йилларида пайдо бўлди. Ахборот тизими ва ахборот ҳуқуқий муносабатлари назарияси тўғрисидаги илмий таҳлилнинг етарли эмаслиги ҳам шу билан изоҳланади.
Бундан ташқари, ахборот тўғрисидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш жараёнини мувофиқлаштириш зарурати ушбу мавзунинг долзарблигини англатади.
Бинобарин, конституциявий ҳуқуқ фани нуқтаи назаридан инсон ва фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқи тушунчаси ва унинг юридик табиати, мамлакатимизда фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга оид қонунчиликни такомиллаштириш муаммолари, жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш шароитида инсон ва фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини маъмурий-ҳуқуқий тартибда, суд ва жамоат ташкилотларининг самарали фаолияти орқали ҳимоя қилиш масалалари каби муаммоларни илмий-амалий таҳлил этиш талаб этилмоқда.
Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида инсон ва фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини конституциявий-ҳуқуқий кафолатлашнинг асосий йўналишларини тизимли ўрганиш баробарида юридик фан ва амалиёт нуқтаи назаридан асослантирилган хулоса, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш долзарб илмий-назарий ва ижтимоий-амалий аҳамиятга эгалигиданкелиб чиқиб:
- Ахборотга бўлган ҳуқуқ фуқароларнинг давлат ишларини бошқариш, сайлов ҳуқуқини амалга ошириш, ваколатли давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ ҳисобланади. Бинобарин, ахборотга бўлган ҳуқуқнинг таъминланиши, ўз навбатида юқорида санаб кўрсатилган ҳуқуқларнинг барчасини амалга оширишнинг гарови сифатида майдонга чиқади. Ахборотга бўлган ҳуқуқ замонавий жамиятда инсон ҳаётининг деярли барча соҳаларига тегишли эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу ҳуқуқни фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари доирасига киритиш мумкин.
- Ҳозирги замон юридик фанида фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларининг юридик табиатига нисбатан мавжуд бўлган турли хил қарашларни таҳлил қилиш асосида ахборотга бўлган ҳуқуқнинг алоҳида ҳуқуқий институт эканлигини таъкидлаш жоиз. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида мазкур ҳуқуқ фикр ва сўз эркинлиги кафолатланган банд билан бирга эмас, балки алоҳида ҳуқуқ сифатида қайд этилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолати ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолати тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа бир қатор норматив ҳужжатларда фуқаронинг ахборотга бўлган ҳуқуқи унинг асосий ва фундаментал ҳуқуқларидан бири эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини ижтимоий ва ҳуқуқий табиатини янада аниқроқ тушунишда ушбу ҳуқуқнинг таркибини “ахборот олишга бўлган ҳуқуқ” ҳамда “ахборот соҳасидаги фаолиятга бўлган ҳуқуқ”ларга ажратган ҳолда таҳлил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ахборот олишга бўлган ҳуқуқ доирасига ахборотни излаш ва олиш билан боғлиқ бўлган ваколатлар киради.
Ахборот соҳасидаги фаолиятга бўлган ҳуқуқнинг мазмуни ўзида ахборотни ишлаб чиқариш, сақлаш ва тарқатишга оид ваколатларни ифодалайди.
Ахборотга бўлган ҳуқуқнинг “ахборот ҳуқуқи” ва “ахборот соҳасидаги фаолиятга бўлган ҳуқуқ”га бўлиниши, ўз навбатида, мазкур конституциявий ҳуқуқнинг моҳиятини тушунишда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти ҳамда фуқаролик жамияини шакллантириш билан боғлиқ стратегик мақсад ва вазифаларнинг самарали амалга ошиши кўп жиҳатдан фуқароларни ҳуқуқий ахборотлаштириш ва шу асосда аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш даражасига боғлиқдир. Бинобарин, қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, ҳукумат қарорларини фуқароларга етказиш, ҳалқимизнинг иқтисодиёт, сиёсат ва давлат қурилиши соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини теран тушуниб етишларига ҳамда жамиятда қонун нормаларини ҳурмат қилиш ва унга қатъий риоя қилишни таъминлашга эришиш сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолият кўрсатишининг асосий омиллари бўлиб ҳисобланади.