Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти
Ижтимоий фанлар кафедраси доценти,
юридик фанлар номзоди Х.Т.Маматов
Ўзбекистон Республикасининг демократик ва ҳуқуқий давлат қуришдан мақсади мамлакатда яшовчи ҳар бир кишининг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла кафолатлашдир. Бунинг учун аввало, Ўзбекистонда ҳуқуқий асос яратилди, яъни республика Конституцияси ва қабул қилган қонунларда умум эътироф қилинган халқаро хужжатлар қоидаларига мос келувчи инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ва уларнинг кафолатлари белгилаб қўйилди. Хусусан, Асосий Қонунимизда фикр юритиш ва сўз эркинлигини инсон ва фуқаронинг дахлсиз ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким хақли бўлмаган шахсий ҳуқуқ-эркинликлари сифатида қарор топтирувчи хамда инсоннинг фикрлаш, сўз ва матбуот эркинлигини тўғридан-тўғри таъминлашга қаратилган, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ҳуқуқий мақомини белгилаб берадиган конституциявий қоидалар ўз аксини топган.
Конституциянинг 29-моддасида қайд этилганидек: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган такдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.
Мазкур қоиданинг Асосий конун даражасида мустаҳкамланганлиги, биринчидан, фуқароларнинг ўз фикрларини эркин тарзда матбуотда, радио ва телевидение орқали ёзма ва оғзаки чиқишларда ифодалаш ҳуқуқини кафолатласа; иккинчидан, оммавий ахборот воситаларининг беназир ахамиятига берилган юксак эътибордир. Ушбу конституциявий нормада асосан қуйидаги 4 та муҳим принцип ўз ифодасини топган: 1) оммавий ахборот воситалари эркинлиги; 2) уларнинг қонунга мувофиқ ишлаши; 3) уларни ахборотни тўғрилиги учун жавобгарлиги; 4) цензурага йўл қўйилмаслиги.
Мазкур конституциявий қоида халқаро ҳуқуқ нормаларига айнан мос ҳолатда ишлаб чиқилган.
Жумладан, фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 18-моддасида ҳар кимнинг эркин фикрлаш ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, унинг 19-моддасида ўзининг фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқи хеч кандай чеклашларсиз амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ҳар кимнинг ўз фикрини эркин ифода килиш ҳуқуқи ўз ичига изланиш эркинлиги, ҳар кандай ахборотни олиш, тарқатиш, ёзма ёки нашр шаклида ёҳуд бадиий шаклда ифодалаш эркинлигини амалга ошириш имконини беради..
Инсон ҳукуклари умумжаҳон Декларациясининг 19-моддасида "Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уларни эркин ифодалаш ҳуқуқига эга: ушбу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эьтиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларини ҳар қандай воситалар билан, давлат чегараларидан қатьий назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади", дейилади. Бу моддадаги ушбу ҳуқуқлардан фойдаланиш билан бирга, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, унда маълум бурч ва жавобгарлик ҳам мавжуд. У ўз навбатида, қуйидаги айрим чеклашларни ҳам талаб қилади:
а) бошқа шахслар ҳуқуқи ва обрўсини ҳурмат қилиш;
б) давлат ҳавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳоли соғлиги ва қадриятларини ҳимоя қилиш.
Ҳар кимнинг ўз фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқи ўз ичига изланиш эркинлиги, ҳар қандай ахборотни олиш, тарқатиш, ёзма ёки нашр шаклида ёҳуд бадиий шаклда ифодалаш эркинлигини амалга ошириш имконини беради.
Фикрлаш ва эътиқод эркинлиги сўз эркинлиги орқали амалга оширилади, бу ўз фикрини очиқ сўзлаш ва бошқа шахсларнинг эътиборига етказиш деб тушунилади. Кўп ҳолатларда сўз эркинлиги оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади ва улар ҳар бир фуқаронинг сўз эркинлигини, оммавий ахборот воситаларида чиқиш ҳуқуқини, ўз фикр ва эътирозларини очиқ сўзлашни кафолатлайдиган "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида фаолият кўрсатадилар.
Ахборотларни йиғиш, тўплаш, қайта ишлаш, узатиш ва рухсат этилмаган танишувдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ҳамда ахборот тизимларининг маълумотлар базалари ва банкларини ташкил қилиш, ахборотларни қайта ишлаш ва узатишнинг бошқа тизимларини яратиш, жорий этиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Ҳар турдаги маълумотларни йиғиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқ конституциявий тизимга қарши йўналтирилган, инсониятнинг тинчлиги ва ҳимоясига зид равишда, жамият манфаатларига қарама-қарши мақсадда ёки бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркига зид ҳолатларда қонун томонидан чекланади.
Фикрлаш ва сўзлаш эркинлиги қонун томонидан давлат ёки бошқа ижтимоий манфаатларни ҳимоя қилиш нуқтаи назари билан чекланиши мумкин. Бундай чекланишлар қуйидагилар билан изоҳланади: давлат сирларини овоза қилиш давлатнинг иқтисодий ва сиёсий мустақиллигига, мудофаа қудратига ва давлат ҳамда жамиятнинг бошқа манфаатларига путур етказиши мумкин.
1993 йилнинг 7 майида қабул қилинган "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхат билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли мутлақо махфий-ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотлар Республиканинг давлат сирлари деб кўрсатилган бўлиб, улар ҳақида маълумотлар тўплаш ва тарқатиш чекланади. Давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини ўз ичига олган маълумотлар давлат сирлари сафига киради.
Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддаси).
Ўзбекистоннинг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлигини қайд қилган. Шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари томонидан қабул қилинган, фуқароларнинг ҳуқуқи ва манфаатига дахлдор ҳуқуқий қоидалар билан уларни таништириш муҳим аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари барча ишларни судларда кўриб чиқаётганда фуқароларни ўзларига тегишли ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқлари, барча судларда ишларни кўриб чиқишнинг очиқ тарзда ўтказилиши суд процесси қатнашчиларининг барчасига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини, унинг ҳужжатлари орқали ҳимоя қилишга имкон яратади.
Шундай қилиб, ахборот олиш ҳуқуқига оид қабул қилинган конституциявий нормаларимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий андозаларга тўла мос келади.
Юқоридагилар билан бирга, Конституциянинг 2, 12, 14, 15, 16, 17, 18, 19, 20, 22, 23, 24, 25, 26, 27 ва 133-моддаларида хам, гарчи уларнинг матнида "сўз эркинлиги", "матбуот эркинлиги", "фикр эркинлиги" каби тушунчалар ишлатилмаган бўлсада, бу қоидалар инсон ва фуқаронинг ана шу ҳуқуқ хамда эркинликлари таъминланиши, ҳимоя этилишига хизмат қилади.
Кўриб ўтилган конституциявий қоидалар асосида фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда тегишли институтларнинг фаолиятини ислоҳ қилиш, уларнинг самарали ишлашига кўмак берувчи механизмларни тартибга солувчи қонунчилик базасини яратиш борасида муайян ишлар қилинди.
Мустақиллик йилларида ахборот олиш ҳуқуқини таьминлашга оид етарли конституциявий - ҳуқуқий база яратиш билан бир қаторда, мазкур қонунчилик хужжатларни хаётга тадбиқ этиш борасида ҳам кенг кўламда амалий ишлар қилинаётганлигини кўришимиз мумкин.
Демак, мамлакатда демократик жамият қуриш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусан, қонунчилик асосларидан хабардор бўлиш фуқаролар ўртасида ҳукуқбузарлик ҳолатларини, одоб ахлоқимизга зид хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўстиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ўз навбатида уларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланишига ҳамда шу орқали давлатимиз олдига қўйилган асосий вазифаларни бажаришда уларнинг фаоллигини таъминлашга хизмат қилади.