Давлат чегараси орқали қуйидагилар устувор тартибда, навбатсиз ўтказилади:

– Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ муайян имтиёзларга эга шахслар, оғир беморлар, ҳомиладор ва ногиронлиги бўлган шахслар, 7 ёшгача бўлган болалар, уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар ва улар кетаётган автотранспорт воситалари;

– халқаро йўналишларда йўловчиларни мунтазам ташийдиган транспорт воситалари;

– тирик ҳайвонлар, тез бузиладиган товарлар, радиоактив материаллар, оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва бошқа материаллар;

– табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар оқибатларини бартараф этишда зарур бўлган ва инсонпарварлик ёрдами сифатида юбориладиган товарлар, шунингдек, ушбу товарлар олиб ўтиладиган транспорт воситалари;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғига мувофиқ шахслар, транспорт воситалари ва товарлар;

– Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига юбориладиган товарлар;

– Ўзбекистон Республикасининг олий қонунчилик, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларига юбориладиган товарлар.

Шахслар, транспорт воситалари ва товарлар зарур ҳолларда чегара назорати бўлинмаси раҳбари ҳамда божхона органи бошлиғининг ўзаро келишувига асосан устувор тартибда ўтказилиши мумкин.