Жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади.

Бағрикенглик ўзбек халқига хос бўлган чинакам исломий фазилатдир. У самимият, очиқ мулоқот ҳамда виждон ва эътиқод туфайли вужудга келади. Шунингдек, у фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортди. Мазкур ҳужжат кўп ўтмай БМТнинг 73-сессиясида аъзо давлатлар томонидан якдилликда қабул қилинди ва 50 дан ортиқ мамлакат бу резолюцияга ҳаммуаллиф бўлиш истагини билдирди. 

     2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. 
         Ҳукуматимиз раҳбарияти барча фуқароларимизга диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Динимизнинг асоси – Қуръони каримда ҳам бағрикенглик кенг тарғиб қилинган.

Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида бирлашмоқда. Динимизнинг бағрикенглик фазилатини ўрганар эканмиз, гап бориб аслида одоб-ахлоққа бориб тақалишини кўрамиз. Бироқ бугун нима  учун мусулмон биродарлар бир-бири билан уруш қиляпти? Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун одамзотга яхши муомала қилишни буюрганлар. Демак, динимизнинг жавҳари, асл моҳияти ҳам инсон зотини севиш экан.

 Халқимизга  хос бағрикенглик ҳам ўзининг қадимий  илдизларига эга. Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Шубоис сиёсий  барқарорлик ва  миллатлараро  тотувликни таъминлашда, фуқароларимизда ягона Ватан  туйғусини  шакллантиришда,  юрт истиқболига дахлдорлик ҳиссини камол топтиришда халқимизнинг бағрикенглик хислати асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган. Бу эса ўз навбатида юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавиятнинг кенг ривожланишига хизмат қилган.

 Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди ва қадр топди.

Инсоният тарихида кишилар орасидаги тенг ҳуқуқлиликнинг бузилишига, ўзаро зиддиятларга сабаб бўлувчи омиллардан бири бу турли дин вакилларининг бошқа динга эътиқод ва амал қилувчиларга диний айирмачилик асосида қараши, ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашларидир. Мана шундай қарашлар оқибатида бугун дунёнинг турли давлатларида ҳар хил низо ва қарама- қаршиликлар юзага келаётир. Диний бағрикенглик айнан мана шу ҳодисаларнинг олдини олишда  жуда муҳим саналади. 

Истиқлол йиллари Ватанимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди. Ушбу тамойиллар Ўзбекистон Конституцияси ва барча қонунларимизда аниқ ва қатъий муҳрлаб қўйилди. Жумладан, Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилди. Конституциямизнинг 18-моддасида эса мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.

Яхши биламизки, Ватанимиз қитъалараро маданий-тижорий алоқаларни яхшилашга хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Бу ерда турли халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари ўзаро уйғунликда ривожланган. Демак, ўзбекона бағрикенглигимизнинг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади ва бу борада биз ҳамиша жаҳон аҳлига намуна бўлиб келганмиз.

 Ҳозирги вақтда диёримизда Республика байналмилал маданият маркази фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказнинг бугунги кундаги асосий вазифаси миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, мамлакатимиздаги турли миллат вакилларининг миллий-маънавий урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолишга кўмаклашиш, бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Юртимизнинг қатор шаҳар ва туманларида турли халқларнинг миллий-маданий марказлари ташкил этилган. Бу марказлар ҳар хил миллат фарзандларининг ўзига хос дўстлик кошонасига айланган. Республикамиз таълим муассасаларида эса ўқув дастурлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз ва бошқа қардош халқларнинг тилларида олиб борилмоқда. Радио ва телевидениелар ўз эшиттириш ва кўрсатувларини бир неча тилларда узатади. Шунингдек, 10 дан ортиқ тилларда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Табиийки, бу ерда ҳар хил миллат вакиллари ўзларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларга жавобан давлат бошқаруви ишларида, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётда фаол ва эркин қатнашмоқдалар.

Дунёда миллий-этник муносабатлар тобора мураккаблашиб, ҳатто энг илғор давлатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини камситиш, хўрлаш ва сиқиб чиқариш ҳолатлари кузатилаётган бир даврда диний бағрикенглик,  тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва тенг ҳуқуқли тарзда ҳаёт кечиришлари аввало шу жамият гултожи бўлган инсонларга бевосита боғлиқдир. Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатларни қарор топтиришда, аждодлардан мерос миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссамизни қўшайлик.

 

Актам Тўраев