Аҳоли ва ёшларда экологик маданиятни шакллантириш, такомилаштириш ва тарғиб этиш азал-азалдан тадбиқ этиб келинади.  Она табиатни асраб авайлаш, табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш, ободликни, саранжом саришталикни канда қилмаслик, ҳашар ишларида бирдамликни сақлаган ҳолда иштирок этиш Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодида ҳам ўз аксини топган. Алишер Навоий сер ижод, ғазал мулкининг султони бўлибгина қолмай, бутун ҳаёти давомида адабий асарларини сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансаб эгаси бўлишига қарамай, у мамлакат ҳаётининг ижтмоий иқтисодий томонлама такомиллашишига улкан ҳиссасини қўшиб борган, қолаверса, илм-фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган, юртда тинчлик ва тотувлик хукм суриши учун доим ҳаракатда бўлган.

У томонидан яратилган “Хамса” достонларидаги муқаддималар достонлар воқелигига шунчаки анъанавий кириш қисми бўлмай, достонлар мундарижаси учун кириш дебочаси вазифасини ҳам бажарган. Муқаддималарда келтирилган фикрларга алоҳида эътибор бериш достонлар маъноси ва мазмунида яширин рамзий маъноларни ёритиб беришга имкон яратади. Айнан муқаддимада буюк мутафаккирнинг олам ва одам, табиат, кишилик жамияти, умр ва унинг мазмуни ҳақидаги фалсафий ахлоқий қарашлари, ижодкор сифатидаги буюк салоҳияти, ва қўллаган бадиий тимсоллари тариқасида акс эттирилган. А. Навоийнинг санъат асарларидаги оламни севмоқ, уни асраб авайламоқ ҳис туйғулари инсонларни атроф-муҳитга зиён етказмасликка, бутун инсоният учун яратилган шароитга шукур қилиб яшашга ундайди. Унинг бундай қарашлари халқни оиладан бошлаб, жамият фаровонлиги йўлидаги ҳаерли юмушларни канда қилмасликни белгилаб беради.

 “Тарбиянинг мақсади-ёш авлодни халқпарвар, билимли, энг яхши фазилатларга эга инсон қилиб вояга етказишдир.....” А. Навоийнинг бу фикри болаларнинг камол топишида оиладаги муҳитнинг яхшилиги, атроф-муҳитга зиён етказмаслик, ватанини, она табиатни севмоқ туйғуларини шакллантиришни тўғри ташкил этишга қаратилган. А. Навоий маснавийда Ҳиротдан кетишдан олдин ўзи яшаётган муҳит ва шароитнинг ҳаққоний манзарасини беради.

Яна бир буким-зоҳир ўлмиш манго,

Ки чиқмиш Ҳуросон элидин вафо,

 

Вафо азм айлама бўлмиш магар,

Сахою мурувват анга ҳамсафар.

 

Бу уч феъл чиққан ародин тамом,

Яна бўлмиш уч феъл қойим мақом.

А. Навоийнинг ушбу ғазалида она ватанида бўлган садоқат, элдан вафо, сахо, мурувват кетганлигини, амалдорлар орасида низо чиқганлиги-ю, ватаннинг пароканда бўлаётганлиги, атроф-муҳитнинг не чоғлиқ беэтиборда қолиб кетганлигини ифодалайди. Бундан ташқари, юрт, халқ дарди билан яшамоқ кераклигини изоҳлайди.  Алломанинг ёзишича, худонинг осмонни ҳам, ерни ҳам жахондаги ҳамма нарсаларни яратишдан мақсади инсонни яратиш, инсонни яратишдан мақсади ирфон эди. Дунёдаги бор мавжудот инсон учун яратилган экан, демак инсон ўз навбатида, ғафлатга берилмасдан, атрофини қуршаган борлиқнинг ва бу борлиқни яратганнинг сирларини билишга, яширин хазиналарни очишга ҳаракат қилиши керак. Навоий деҳқонлар ишини енгиллаштириш мақсадида сувсиз ерларга сув чиқариб, эски ариқларни тозалатади, янги ариқлар қаздиради. Натижада экин майдонлари кенгаяди, шаҳарни сув билан таъминлаш ҳам яхшиланади.

Хондамирнинг ёзишича, А. Навоий 20 га яқин ховуз қаздирган, 16 та кўприк ва 2 та тўғон қурдирган. Энг қизиғи, у қаздирган ташлама сувлар ташланадиган ўраларни алоҳида яъни ювиниш сулари алоҳида, озиқ овқат қолдиқлари ва сувларини алоҳида ўраларга ташланишини, от аравалари қатнови бўлган кўчаларда дарахтларни кўпроқ ўтқазишни йўлга қўйганлигида. Бу эса ўз навбатида, инсонларда иймоннинг йўқолмаслиги, ҳалол ва ораста яшамоқни билишга ундаган. Бу саъй харакатлар экологик маданиятнинг шаклланиши, оилада ва жамиятда кишиларнинг атроф-муҳитни тоза сақлаш, унга зиён етказмаслик, юртнинг ободлигига бефарқ бўлмасликка ўргатади.

1480 йилда Ҳирот шаҳри ва бошқа вилоятларда ўз ҳисобидан бир нечта мадрасалар, 40 та йўловчилар учун бекат, 17 масжидлар, 10 та сўфий турар жойлари (ҳонақоҳ) 9 та ҳаммом, 9 та кўприкларни қурдирган. Бироқ, бу каби ҳайрли ишларидан норози сарой амалдорлари Навоийнинг харакатларига қарши чиқади. Бутун умри давомида асарлар ёзиш ва ижод маҳсулини яратиш билан чекланмаган Навоий инсонларнинг яшаш шароитини яхшилаш, фаровон ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришда астойдил ҳаракат қилиб борди. Ҳусайн Бойқаро Навоийни вазир лавозимига тайинлади ва унга “Амири Кабир” (Улуғ Амир) унвонини беради. Ушбу лавозимда фаолият олиб борар экан А. Навоий эл юрт манфаати, равнақи, адолат тантанаси учун астойдил курашган, ҳаракатлари натижаси ўлароқ, давлатнинг барқарорлиги ва нуфузи таъминланиб борилган.

Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашади, халқ турмуши яхшиланади, шеърият, нафис санъат олами янада ривож топади. Навоий бундан ташқари, унинг ташаббуси билан бунёд бўлган шифохоналарни керакли даражада жихозлайди. Ташкилотчилик ва мукаммал бошқарувига эга бўлган Навоий муассасалар, ташкилотлар, хизмат кўрсатиш соҳаларини доим назоратда ушлаган, ҳабардор бўлиб борган. Навоийга бағишланган тарихий ва илмий асарларда батафсил тавсиф қилинишича, 1469 1481 йиллар Навоийнинг ижтимоий ҳаёт ва ободончилик борасидаги энг фаол хизмат кўрсатган йиллари бўлган. Шоир “Вақфия” асарида бинокорлик ва ҳайрия ишларини ташкил этишга алоҳида тўхталиб ўтилган. Навоий деҳқончилик ишларини ҳам кенг йўлга қўйган ва аҳолининг бандлигини таъминлашда, деҳқончилик ишларини тўғри ташкил этишда яхши натижаларга эришган. Бежизга Навоийнинг ҳаёти ва ижодига тўхталиб ўтмадик, унинг ҳаёти ва изланувчанлиги маҳсули ва асосий қарашлари ҳисобланган ободончилик, бирдамликдаги ҳашар ва деҳқончилик ишлари ўша даврда ҳам давлатнинг асосий эътиборида ва ечимини топиши керак бўлган тарғибот ташвиқот ишлари ҳисобланган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юрт фаровонлиги, А.Навоий давридаги умумхашар ишлари, Она табиатни асраб авайлаш туйғуларининг инсонларда шаклланишини юртимизда олиб борилаётган ислоҳатларда яққол кўришимиз мумкин. Бир  пайтлар уйғонган, давом этиб келинаётган ота боболаримиздан мерос ҳисобланган қадриятларимиз ва урф одатларимиз, анъаналаримиз ҳалиҳам сақланиб келинмоқда. Талаба ёшларда экологик маданиятни шакллантириш, мавзуга оид ўқув машғулотларини замонавий дидактик воситалар ва лойиҳалардан фойдаланган ҳолда ташкиллаштириш кенг йўлга қўйилган. Қолаверса, буюк бобокалонимиз А.Навоий изидан борган ҳолда, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ватанни севмоқ, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, унга зарар етказмасликка ўргатиш, бирдамлик ва атроф муҳитни янада обод этишда ўз ҳиссасини қўшишга ўргатиш бугунги куннинг асосий масалаларидан бири ҳисобланади.

 

Келлдиярова Гулмира

Самарқанд давлат университети, География ва экология факультети

Маджидова Танзила.

Самарқанд давлат университети, География ва экология факультети доценти