Мамлакатимизда аҳолининг бандлиги ва даромадларининг барқарор ўсишини таъминлашга доир вазифаларини ҳал этишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга янада устувор аҳамият берилмоқда. Бу борада “2017 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ”да “... хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш ...” муҳим вазифа сифатида белгилаб берилиши ҳам мазкур масаланинг нақадар долзарб аҳамият касб этишидан далолат беради. Шу боис, жорий 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да тадбиркорлик субъектларига уларнинг эркин фаолияти учун кенг имкониятлар яратиб бериш асосий вазифа сифатида белгиланган.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ривожланган давлатлар тажрибасига таяниб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни устувор йўналиш сифатида белгилашнинг бир қанча сабаблари мавжуд бўлиб, бунда соҳанинг ички бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдиришдаги аҳамияти муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг кенг қўллаб–қувватланиши натижасида уларнинг мамлакаттимиз иқтисодиётидаги ўрни ортиб, барқарор ўсиш сураътларида ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши қарийб 57 фоиз, саноат махсулотлари ишлаб чиқаришда 45,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 98,2 фоиз, қурилиш ишлари ҳажмида 67,8 фоиз, савдода 89,6 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, фаолият кўрсатаётган КБХТ субъктлари сони 218170 тани ташкил этиб, унда иқтисодиётда жами банд бўлганларнинг 78,2 фоизи меҳнат фаолияти билан банд бўлмоқда[1].

Кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг ўзгаришларга тез мослашувчан соҳаси сифатида ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш, хизмат кўрсатишнинг янги ва замонавий турларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қарорларнинг амалиётга кенг тадбиқ этилиши, текшириш ишларининг қисқарганлиги, бизнес юритиш учун молия ва вақт ҳаражатларининг камайганлиги, рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тизимининг жорий этилиши натижасида, уларнинг ташқи савдо фаолияти кўрсаткичларида ҳам ижобий тенденциялар юз бермоқда. Импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кичик бизнес субъектларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши экспорт ҳажмида кичик бизнеснинг ҳиссасини ошириш имконини бермоқда. Республикамиз экспортининг умумий ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилда 10,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 26,5 фоизга ошган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш билан боғлиқ ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган асосий концептуал йўналишлари сифатида қўйидагилар белгилаб қуйилди:

  • хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларини ишончли ҳимоя килишни таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожи йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, унга тўлиқ эркинлик бериш, «Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва кучли бўлади» деган тамойилни амалга ошириш;
  • кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик тузилмаларининг фаолиятига давлат, ҳуқуқни муҳофаза килувчи ва назорат идоралари томонидан ноқонуний аралашувларнинг катъий олдини олиш;
  • давлат мулкини хусусийлаштиришни янада кенгайтириш ва унинг тартиб-таомилларини соддалаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ус­тав жамғармаларида давлат иштирокини камайтириш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • инвестиция муҳитини такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш;
  • корпоратив бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларини жорий этиш, корхоналарни стратегик бошқаришда аксиядорларнинг ролини кучайтириш;
  • тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик тармоқларига уланиши бўйича тартиб-таомил ва механизмларни такомиллаштириш ва соддалаштириш;
  • мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, давлат бошқаруви тизимини марказлаштиришдан чиқариш ва демократлаштириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, нодавлат, жамоат ташкилотлари ва жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ушбу тадбирлар асос бўлиб қолади. Чунки, бугунги эҳтиёж ва талабдан келиб чиқиб, белгиланган тадбирлар, ушбу соҳани ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳаракати бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида энг муҳим устувор вазифалардан бири – хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш масаласи эканлиги ана шандан далолат беради. Зотан, мамлакатимиз  иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиши кўп жиҳатдан кичик бизнес истиқболи билан чамбарчас боғлиқдир.

 

Олий ҳарбий божхона институти

Тингловчиси Нурхаёт Ойдинов



[1] Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари.