Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши

ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу

муҳим сиёсий ҳужжат Контитуцияни ишлаб чиқишда

Ислом Абдуғаниевичнинг концептуал аҳамиятга

эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлди. 

Шавкат Мирзиёев

 

          Ўзбекистонни ҳуқуқий-демократик давлатга айлантиришнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлатимизда эркин фуқаро маънавиятини шакллантиришга эътибор берилмоқда. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов  собиқ иттифоқ ҳукмронлигида халқни маънавиятдан маҳрум этишга қаратилган ҳаракатларга чек қўйиб, мустақилликнинг илк куниданоқ аждодларимиздан мерос қадрият ва анъаналар,  илмий- ижодий, меъморий асарларни  тиклаш ва бойитишга устуворлик бердилар. Одамларнинг турмуш шароитини, Ўзбекистоннинг мустақиллиги ҳамда жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишида иқтисодиёт қанчалик беқиёс аҳамият касб этса, маънавият бу ишда бош негиз эканини айтган. Ислом Каримов амалга ошириладиган ислоҳотларда иқтисодиёт ва маънавият тенглигини таъминлашга  эришдилар. Чунки, маънавиятли халқгина бугунги ҳаётини янада яхшилашга, келажагини, фарзанд- набиралари тақдирини кафолатлашга интилиб яшайди.

           Халқ маънавияти қудрати инсоннинг одоб - ахлоқи, маданияти, қандай мақсадлар билан яшаётгани, оиласининг, юртининг, қолаверса дунёнинг тинчлиги ва ривожига қанчалик ўз улушини қўшишида билинади.

         Элимизда ватанга муҳаббат, меҳр - оқибат, садоқат туйғуларини шакллантириш учун Ислом Каримов аждодларимизнинг улуғ хотирасини тиклашда, уларнинг асарларини, ҳаёт йўлини ўрганувчи илмий даргоҳлар, ёш авлод ота- боболарининг маънавий меросинидан илм олишлари учун таълим юртларини бунёд этишда, қадрли маросим ва анъаналарни тантанали ўтказиш, динни ривожлантириш, ватанимиз ҳудудида яшовчи жаҳон халқларини ўзлари истаган динга амал қилишларида катта янгиланиш ишларини бажардилар. “Туркистон” саройи, Темурийлар тарихи давлат музейи, театрлар, олий ўқув юртлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси, бобокалонларимиз ёдига қурилган зиёратгоҳлар, уларнинг салобатлари, нурли ҳайкаллари, масжид- мадраса, черковлар, тарихий қалъа ва арклар, музейлар, давлат кутубхоналари маънавиятни бойитишда хизмат қилмоқда. Ҳозирда буларнинг кўплари саёҳатчилар севиб томоша қиладиган жойларга айланган.

          Ҳар қанча ислоҳотларни амалга ошираверган билан замонлар тараққиёти инсоният қаршисига янги жумбоқ, маммолар қўяверади…

         Ҳар қандай долзарб масалани ҳал этиш одамзоддан ақлу фаросат, виждон, матонат, садоқат, шижоатни талаб этади. Бу ўринда маънавиятнинг ўрни беқиёсдир! Негаки инсон авлоди бугунгача қандай ютуққа эришган бўлса, адолат ва тўғрилик билан эришди. Бу ҳислатларни эса шубҳасиз,  маънавият шакллантиради… Ҳар замонда учрайдиган машаққатлар барча эл-юртни мустақилликни мустаҳкамлаб, порлоқ келажак бунёд этишга ундайди.

 

          Аслида дунёда маънавиятсиз халқ йўқ! Аммо бор бойлик ва маънавиятидан, имкониятларидан қандай фойдаланишни билолмай қийналаётган халқлар мавжуд. Бу ҳолат айрим давлатларда талон- тарожлик, урушу, ҳалокатларни келтириб чиқармоқда. Энг муҳими, Ислом Каримов таъкидлаганидек инсоннинг энг катта ҳуқуқи- тинч  яшаш ҳуқуқидан мосуво қиляпти. Шукурки, халқимиз бирдамлиги ва элимиз тарбиялаган фарзандларининг оқиллиги, шижоати сабаб ҳокимиятимиз орзу- мақсадларимизга олиб борувчи йўлларни белгилаб бера олдилар.

         Халқлар маънавиятнинг қудрати билан бебаҳо муваффақиятларга эришиб келадилар. Бир ўйлаб кўрайлик: маънавиятни юксалтира олмаган, маънан қолоқ инсонлар жамияти қандай умр кечиради?... Бундай жамият тарбиялайдиган сотқин, эзгуликдан қўрқадиган, шижоатсиз, ўз ҳаётини ўтказишга қийналадиган инсонлар билан келажакда бахту иқболга эришиб, буюк давлат қуриб бўладими?...

         Шунда инсондаги куч-қудратлар манбаи- маънавият эканлигига, у билан ҳаёт барқарорлигига, аждодларимиз илм- урфонларига, Ислом Каримовнинг мустқилликни қўлга киритиб, юртни равнақ топтириш йўлида бу бебаҳо тушунчага беқиёс аҳамият берганликларининг сабабини англаймиз.

         Улуғ  анъанага- аждодларнинг буюк ишларини давом эттириш, элу юрт фаровонлини таъминлаш, дунё давлатлари билан дўстлик  муносабатларни янада кенгайтириш, Ватанга, миллий ғояга содиқ қолиш ҳар бир юрт фарзандининг оламда тенгсиз бурчидир!

         Бу ҳақида сўз борар экан, аввало ёшларни- келажак меъморларини тарбиялашга,  халқни маънавиятга ошно этишга эришиш лозим. Биз ёшлар ютуқларга эришсак, атрофимиздаги инсонлар, бу ким бўлишидан қатъи назар, ўрнак олиши, агар интилса, орзусига етишга қодирлигини тушуниши мумкин. Бироқ бунга амалий натижаларимизнинг ўзи билангина эришиб бўлармикан?! Аждодларимизни, Ўзбекистонни мустақил давлатга айлантирган улуғ йўлбошчи Ислом Каримов, Президентимиз Шавкат Мирзиёевни, ёки бўлмаса ота- онамиз,  дўсту яқинларимизни ҳурмат қилишимизга, эъзозлашимизга, яхши кўришимизга  сабаб- бу уларнинг бизга кўрсатган меҳрларидир. Бу меҳр уларга ишонишга, эргашишга, бирликда чорлаб, бизга қудратли куч ато этиб туради. Амалий натижаларимиз орқали ўрнак бўлиш билан   бир қаторда инсонларга меҳр бера олсак, улар ҳам бизга кўнгил қўлларини берадилар. Мувафаққиятга эришишга ғайрат топа оладилар. Меҳр- бизни бир жамоа этади. Ҳар қандай ижтимоий мақсад ва манфатларга эришиш учун эса аҳил бўлиб, биргаликда киришилса,  бу  албатта ижобий самара билан тугалланади.

          Инсон маънавиятли бўлганида ҳар бир муаммони енгишга қодир, ҳаётда имкон топиб яшайдиган, дунёнинг ободлигига муносиб ҳисса қўшадиган баркамол шахсга айланади. Бундай -  тоғни талқон қиладиган инсонлар, агар улар ёшлар орасида қанчалик кўп бўлса, Ўзбекистоннинг мустақиллиги ҳам, ободлиги, халқнинг турмуши, юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни, кўрсатадиган фаолияти  ҳам чиройли бўлади.  Ислом Каримов айтганларидек: “Кимнингки нияти пок бўлса, яратган ҳам қўллайди дейдилар. Зеро, мана шу барчамизга азиз бўлган Ватан, заҳматкаш халқ йўлида хизмат қилишдан ортиқ савоб  йўқдир.”

                                              

Умирова Нодира

Қашқадарё вилояти Муборак ахборот

технологиялари ва хизматкўрсатиш

касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.