Савол: Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари кимларга берилади?

         Жавоб:  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида"ги қарорига асосан таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига  берилиши мумкин.

         Савол: Таълим кредит лари қанча муддатга берилади?

         Жавоб: Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

         Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.

         Савол: Таълим кредитларини беришда  кимларга ва қандай имтиёзлар белгилаб қўйилган?

         Жавоб: Таълим кредитларини беришда  чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига — ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит) берилиши назарда тутилган. Талабаларнинг қолган тоифаларига — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади.

 Бундан ташқари кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади.

Савол: Талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган даврда таълим кредитлари учун фоиз ставкалари ҳисобланадими?

Жавоб: Талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган даврда таълим кредитлари учун фоиз ставкалари ҳисобланмайди.

8. Таълим кредитлари, қоидага кўра, қарз олувчи тижорат банклари муассасалари томонидан берилади.

Савол: Кредитни расмийлаштириш тартиби қандай бўлади?

Жавоб:  Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт). Контрактда ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Ўқиш учун тўлов миқдори кейинги йилларда ўзгарган ҳолларда контрактларга тегишли ўзгартиришлар киритилади, бу ҳақда олий таълим муассасаси ўн кун муддатда банкка ёзма равишда маълум қилади, сўнгра қарз олувчи, банк ва олий таълим муассаси ўртасидаги кредит шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади;

в) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома:

г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Қарз олувчи юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан айни бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.

Савол: Олинган кредит қайтарилмаслиги хавфини олдини олиш мақсадида қарз олувчи таъминлаш шаклларидан қайси бирини банкка тақдим этиш лозим?

Жавоб: Олинган кредит қайтарилмаслиги хавфини олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиш лозим:

 мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;

банкнинг кафолати;

учинчи шахснинг кафиллиги;

суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (фақат чин етимлар ва «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун).

Савол: Тижорат банклари қарз олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини қанча муддатда кўриб чиқади?

Жавоб: Тижорат банклари қарз олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини 10 иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва кредит шартномасини имзолаши ёки кредит берилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ёзма хулоса бериши лозим.

Савол: Таълим кредитлари бўйича маблағлар қандай йўл билан ўтказилади?

Жавоб: Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун — навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

Фоизлар қарз олувчи томонидан кредит шартномасида қайд этилган шартларда тўланади.

Кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларнинг ўқишига таълим кредитлари учун фоизлар қарз олувчи ва Жамғарма томонидан ҳар ойда, ҳисобланган фоизлар суммасининг 1/2 қисми бўйича тенг улушларда тўланади.

Жамғарма ҳисобланган фоизлар суммасини тўлов топшириқномаси билан банк билдиришномаси олингандан кейин уч иш куни мобайнида ўтказади.

         Савол: Кредит олган талаба бирор сабаб туфайли талабалар сафидан чиқарилган ҳолларда таълим кредитини қайтариш тартиблари қандай бўлади?

Жавоб: Агар талаба ўқиш даври тугамасдан талабалар сафидан чиқарилган тақдирда, таълим муассасаси раҳбарияти ректор (директор)нинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида бу ҳақда банкка хабар бериши керак, қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим бўлади.

Талабанинг талаба сафидан чиқарилиши олий таълим муассасаси томонидан банкка ўз вақтида маълум қилинмаган тақдирда, таълим муассасаси ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур.