Савол: Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қайси  қонунчилик ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

         Жавоб: Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги, «Фуқароларнинг соғлиғини ҳимоялаш тўғрисида"ги, «Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳавфсизлиги тўғрисида"ги, «Товар белгилари, хизмат белгилари ва товарни келиб чиқиш жойи номи тўғрисида"ги, «Маҳсулотлар ва хизматлар сертификацияси тўғрисида"ги  қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бир қатор қоидалар асосида тартибга солинади ва ҳимоя қилинади. Ўз навбатида ушбу қонунлар ҳамда қоидалар истеъмолчининг ишлаб чиқарувчи, сотувчи, хизмат кўрсатувчи билан ўзаро муносабатларини ўз ичига қамраб олган.

         Савол: Истеъмолчилар қандай ҳуқуқларга эга?

         Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасига асосан истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– товар (иш,  хизмат) ҳақида, шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;

– товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;

–  товар (иш,  хизмат)нинг  хавфсиз  бўлиши;

–  ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш,  хизмат),  шунингдек ишлаб чиқарувчи  (ижрочи,  сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;

– бузилган ҳуқуқлари ёки  қонун  билан  муҳофаза  этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга,  бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;

–  истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.

Истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонун ҳужжатлари билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланиши мумкин.

Савол: Истеъмолчи ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эгами?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасига асосан ишлаб чиқарувчи  ўз  корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили  ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт.  Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида  кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим.

Савол:Товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри маълумот  берилган тақдирда истеъмолчи қандай  ҳуқуқларга эга?

Жавоб:   Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасига асосан агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганда, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига ҳамда сотиб олинган  товар  (иш,  хизмат)дан  кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса,  истеъмолчи тегишли  маълумот оқилона  қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлидир.  Агар маълумот айтилган  муддатда  берилмаса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб,  зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Савол: Истеъмолчи сотиб  олинаётган  товар  (иш, хизмат)  сифатини  текширишда қандай  ҳуқуқларга эга?

Жавоб:  Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига асосан истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини,  вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи,  ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни  тақдим  этиши,  товарни  ишлатиб кўрсатиши,  ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши,  зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт.

Савол: Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига сотувчи томонидан нима берилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасига асосан олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки  берилади.  Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.

Савол: Истеъмолчи ўзи сотиб  олган  товар (иш, хизмат) хавфсиз бўлишига талаб қўйишга  ҳақлими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасига асосан истеъмолчи ўзи сотиб  олган  товар  (иш,  хизмат)  санитария-гигиена, шу жумладан радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб  чиқарилган  ёки  бажарилган  бўлишига  ва  унинг  ҳаёти, соғлиғи,  атроф муҳит учун хавфсиз  бўлишига,  шунингдек  унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Савол: Сотувчи томонидан нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи қандай  ҳуқуқлардан фойдаланади?

Жавоб:  Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасига асосан нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи  қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланиш мумкин:

– товарни айни шундай маркали  (моделли,  артикулли)  мақбул сифатли товарга алмаштириб беришни;

– товарни бошқа маркали (моделли,  артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг  харид  нархини  тегишинча  қайта ҳисоб-китоб қилишни;

– харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақлидир.

Савол: Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда улар ўз ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш мақсадида  кимга мурожаат қилиши мумкин?

Жавоб: Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда,  у судга мурожаат қилишга ҳақлидир.  Даъволар, агар қонунларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса,  жавобгар, истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддасига биноан истеъмолчилар ўз  ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.