Шу йилнинг 1 мартидан Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар воситасида тўловларни қабул қилишни таъминловчи ҳисоб-китоб терминалини мажбурий ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас. Бу 15 февраль куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг ПҚ-2777-сон «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгилаб қўйилган.

Барча савдо шохобчаларини терминаллар билан жиҳозлаш учун уларни рўйхатдан ўтказиш жадаллаштирилган тартибда – тадбиркорлик субъектидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддат ичида амалга оширилади.

Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нархларни белгилаш устидан ҳам назорат кучайтирилди. Ҳисоб-китоб шаклидан келиб чиққан ҳолда сунъий равишда нархларни ошириш ёки тушириш ҳисоб-китоб терминалларини қўллашнинг белгиланган тартибини бузиш деб баҳоланади. Бундай ҳаракатлар ЭКИҲнинг (энг кам иш ҳақининг) 30 баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат солиқ қўмитасига 10 кун ичида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида терминаллар мавжудлиги, назорат-касса машиналаридан фойдаланиш, талон ва чекларнинг берилиши, нақд пул тушумини тўлиқ ҳажмда топшириш масалалари, нархлар сунъий оширилмаётгани ёки туширилмаётгани бўйича текширувлар ўтказиш вазифаси юкланган. Шу билан биргаликда бу шаклдаги текширувлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг махсус рухсатини талаб этувчи солиқ текшируви ҳисобланмайди.

Марказий банк жиҳозлашни кенгайтириш ва амалий фойдаланиш учун анча қулай шарт-шароитлар яратишни инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоб терминалларини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ва сотиш механизмини қайта кўриб чиқишга кўрсатма олди.

Шунингдек, истеъмол талабини ва тадбиркорлик суъбектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида халқаро амалиётда фойдаланилаётган пластик карта орқали аҳолига қисқа муддатли истеъмол кредитларини беришнинг замонавий механизмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Банкларга жорий ва келгуси йил истисно қилинган ҳолатда тўлов терминаллари, инфокиосклар, банкоматлар ва бошқа ускуналар импортига тендер-танлов савдоларини ўтказмасдан шартномаларни тузишга ижозат берилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига «Ўзбекэнерго» компанияси билан биргаликда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини сифатли ва узлуксиз алоқа билан таъминлаш, бунда Ўзбекистоннинг тоғли ва узоқ ҳудудларига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.

Президент Девонининг Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати банкларда ҳисоб рақамлардан нақд пулларни бериш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ қонунбузарликларга оид шикоятлар устидан назоратни кучайтиради - дея хабар беради “kun.uz” сайтида