Мамлакатимизда  ҳар бир кун ҳаётимизга янгиланишлар, хушхабарлар олиб келмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Чунки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилиши натижасида шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли турмуш даражасини янада юксалиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Натижада мамлакатимиз ўтган тарихан жуда қисқа давр ичида барча соҳаларда мисли кўринмаган ютуқларга эришдики, бу муваффақият ҳақли равишда жаҳон аҳлининг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлиб келмоқда.

Бу борада биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида бошлаб берган улкан бунёдкорлик ишлари Мамлакатимимз янги раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан савияда давом эттириш баробарида юртимиз қиёфаси ўзининг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, узоқни ўйлаб тузилган режа асосида изчил ривожланиб бормоқда. 

Буни биз  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил                     21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори бу йўналишда янги ривожланиш босқичига асос солинганлиги билан яққол кўришимиз мумкин. Аҳолига янада қулай имконият ва шароит яратиш мақсадида арзон, замонавий, шинам уй-жойлар қурилиши йўлга қўйилди. 2017 йилда мамлакатимиз қишлоқ массивларида 15 мингта ана шундай турар жой барпо этилиши ва бунда қишлоқ аҳолисига уч типдаги уй-жойлар қурилиши таклиф қилинмоқда.

Шу билан бир қаторда Президентимиз қарорида 2017 йилнинг                1 январигача ҳар бир ҳудудда намуна сифатида уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилиши белгилаб қўйилган.

Ўз навбатида Президентимизнинг мазкур Қароридан руҳланиб бир қатор юртдошларимиз интернет саҳифаларида ўзларининг самимий фикрларини билдириб ўтганлар, жумладан:

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи:

— Ушбу қарорни газетада ўқиб, тўғриси, жуда суюниб кетдим. Сабаби, қишлоқда туғилиб-ўсганман, у ерда уй-жой, коммуникация масалалари қандай аҳволда эканидан хабарим бор. Тан олишимиз керак, қишлоқ одамининг даромади у кредитга олаётган уй-жойнинг тўловини қоплашга ҳар доим ҳам етавермайди. Қарорда келтирилганидек, имтиёзлар шундай «қўли қисқароқ» кишилар ёки янги рўзғорлар учун айни муддао.

Дастурда шундай тартиб белгиланибдики, уйлар жуда кўплаб қурилиш ашёлари ва харажатларига кетадиган таннархни пасайтириш ҳисобига арзонлаштирилган. Демак, арзон — бу сифатсиз дегани эмас!

Бугун одамлар тафаккури ўзгарди. Аввалгидай пастқам, бир хона, бир даҳлизли эмас, алоҳида ётоқхонали, болалар хонаси, ошхона, меҳмонхонани кўзда тутиб уй-жой қурилаётгани қишлоққа ҳам маданиятнинг юксак намуналари кириб келаётганидан далолатдир.

Норхол ая ХОЛМУРОДОВА. Пенсионер, Ургут тумани

— Қизим қўлида газета билан шошиб келди. «Онажон, табрикланг, мен ҳам энди уй оламан!» дея ушбу қарорни кўрсатиб, тушунтира кетди. Аввалига, арзон нархда, қулай шароит ва имкониятларга эга, кредит фоизлари кам бўлишини эшитиб ишонмадим. Тўлиқ танишгач, тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди.

Хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки ва уч қаватли кўп квартирали арзон уйлар бизнинг жойлар учун жуда мос. Ҳовлида болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар айни муддао.

Тўрт йилдан буён қизим тушган рўзғорда уч келин бир ҳовлида яшарди. Уй-жой олиш учун имкониятлари камроқ эди. Мана бу қарор шундай оилалар учун жуда катта имконият демакдир.

Шоҳидахон ХУДОЙБЕРДИЕВА. Қорасув шаҳри Бўрихон Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

— Қуриладиган уй-жойларнинг қиёфаси ўзига хос ва уларнинг нархи, имтиёзлари ҳам турлича экани кўпчилик учун жуда мақбул, деб ўйлайман. Чунки ҳамма ўзининг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб танлайди.

Яна бир жиҳати, ака-укалар ёки бошқа қариндошлар бир ҳовлида жойлашган уйни харид қилиши мумкин. Ҳамма ўзининг алоҳида уйида яшайди, аммо ёнма-ён, бир ҳовлида.

Қишлоқларда уй-жой қуриш борасида ушбу янгича ёндашув аҳолининг кенг қатлами учун катта имкониятлар яратиши, шубҳасиз. Айни вақтда бу ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга, қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Малик ПАРДАЕВ. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Ғаллаорол тумани:

— Илгари қишлоқ одамлари катта-катта тўй-томоша қилар, улоқ-кўпкари, кураш берар эди-ю, уй-жой қуришга, уни замонавий жиҳозлаш ёки бошқа қулайликлар яратишга эътиборсиз эди: пахса деворли уйларда яшайверарди. Энг кўркам ҳовлилар ҳам нари борса оҳакланарди, холос.

Кейинги йилларда қишлоқларимизга тараққиёт нафаси кириб кела бошлагач, мана шундай «Бизга бўлаверади», деган қараш бутунлай йўқолди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили намунавий лойиҳалар асосида минглаб уй-жой қурилиб, имтиёзли кредит билан халқимизга берилди.

Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурининг қабул қилиниши бизни янада хурсанд қилиб юборди. Ахир, бу алоҳида уй-жойли, бошқача айтганда, «ватанли» бўлиш орзусида юрган қанча оилалар учун катта имконият. Чамалаб кўрсам, қарорда кўрсатилган битта уйнинг нархи ҳозирги бозор нархининг ярмича ҳам келмас экан. Бундай нарх ўқитувчи, шифокор каби касб эгалари учун айни муддао.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиш мумкинки, бугунги кунда мазкур Қарорнинг амалга оширилиши қишлоқни ободонлаштиришнинг ва қишлоқ аҳолиси ҳаёт даражасини тубдан оширишнинг асосий омилларидан бири сифатида қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қуриш кўламларини янада кенгайтириш бўйича узвийлик ва изчиллик йўлини таъминлашга кўмаклашади. 

 

iqtidor.uz веб-сайти таҳририяти